Косметология: қизиқарли маълумотлар

17.06.2021

Косметология – бу соч, тери ва тирноқларни парвариш қилишни ўз ичига олган қизиқарли

соҳа. Унинг бир неча минг йиллик тарихи бор. Унинг ҳар бир куни, камбағалу бадавлатларнинг гўзаллик талпиниши бу соҳани юксакларга кўтарди.

Ҳозирда косметология энг талабгир ва сердаромад хизмат турларидан бирига айланиб қолди.

Бугун сизнинг эътиборингизга мана шу жозибадор соҳага оид айрим қизиқарли маълумотларни тақдим қиламиз.

Ўзбек миллий косметологияси тарихи ва бугуни ҳақидаги туркум мақолаларимиз билан тез орада танишишингиз мумкин бўлади. 

  • “Косметология” сўзи юнончадан олинган бўлиб, “ободонлаштирмоқ”, “оро бермоқ” маъноларини беради.
  • Қадимги Миср аёллари юзларига ёрқинлик қўшиш учун бўянишни кашф қилишган бўлса, римликлар биринчи бўлиб хушбўй ҳид, яъни атирни яратдилар.
  • Римликлар зайтун мойи билан апельсин пўсти аралаштириб ҳозирлаган суюқлик, яъни атирни “Thelium” деб номлашган. У Юлий Цезарнинг севимли ифори бўлган.
  • Қадимги Мисрда пардоз ашёларидан эркаклар ҳам, аёллар ҳам бирдек фаол фойдаланишган.
  • Вафот этган инсонни нариги дунёда ҳам чиройли бўлиши учун юзларига, танасига ёрқин бўёқлар билан пардоз бериб, кейин кўмишган.
  • Инсонлар гўзалликка эришиш йўлида ҳеч нимадан қайтмаганлар. Махсус дори-дармонлар уёқда турсин, ёноқ ва лаблар учун қондан, юзни оқартириш учун бўр кукунидан, тимсоҳнинг гўнги ва ҳаттоки, қўрғошиндан фойдаланишган.
  • Ўрта асрларда қизларнинг пардоз қилишига муносабат ўта салбий бўлган. Турмушга чиқаётган қиз тўй оқшоми учун ўзга оро берса, никоҳни сохта деб ҳисоблашга рухсат берувчи махсус қонун бўлган. Келин жодугарликда айбланган.
  • Абадий ёшлик эликсирини яратиш истаги ҳамма замонларда бўлган. Афиналик бир аёл эшак сути қўшилган суртма ҳозирлаган. Уни Нероннинг турмуш ўртоғи Поппея Сафинага тақдим қилган. Маликага суртма шунчалар ёққанки, малҳам суртишдан ташқари эшак сутида чўмилган. Шу мақсадда, олис сафарларда ҳам ўзи билан эшаклар подасини судраб юрган.
  • Эшак сути ҳозирда ҳам кўплаб косметик воситалар таркибида учрайди. Лекин бу маҳсулот абадий ёшликни таъминловчи малҳам экан деб, чорва бозоридан эшак қидириш шартмас. У чиндан ҳам қариликка даво бўлса, бу оламда биронта эшак ўлмаган, унинг сутида чўмилган қадимги Миср, Рим маликалари ҳозир сиз ва мен билан ижтимоий тармоқларда ўтирган бўлишарди.
  • Қадимга Хитой императорлари юзларини кунига икки марта табиий ипак мато билан артишган ва бу бежиз эмаслиги фанда аниқланган. Ипак терида ишқаланганда статик электр энергияси ҳосил бўлади ва бу ҳужайралар тикланишини рағбатлантиради. Аслида, бу замонавий дарсонвализациянинг қадимий прототипидир.

Саида Усмонова тайёрлади.

 

Подождите...
uz_UZO‘zbekcha