Косметолог керак бўлса, шогирдларимга бораман

03.05.2021

Bazis Medic косметология ва эстетик тиббиёт олий мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ёрдамчиси, косметолог Наргиза Нарзиева билан суҳбат

 

Сиз Bazis Medic мактаби ташкил этилганидан бери шу ерда ишларкансиз. Унинг бошқа ўқув курсларидан фарқи нимада?

Бизда интизом жуда кучли ва ўқиш сифат юқори. Ўргатиш тизими ҳам пухта ўйланган.

Бошқаларда ундай эмасми?

Ҳаммасида ҳаммас. Нодавлат таълим муассасалари орасида жуда яхши таълим берадиганлари ҳам талайгина. Лекин айрим ўқув марказлари борки, уларнинг асосий мақсади пул ишлашгина бўлиб қолган. Бутун ўқув жараёни узлуксиз маҳорат дарслари (мастер класс) дек ўтади-кетади уларда.

Яъни?

Ҳаммаси оддий. Ўқувчи келади, пулини тўлайди, у маълум бир қолипга солинган дастур асосида ўқитилади, дипломи топширилади, тамом. Унинг кейинги тақдири эса ҳеч кимни ўйлантирмайди. Бундан ташқари айрим ўқув марказлари косметология маҳсулотлари сотадиган компаниялар билан ҳамкорлик қилишади. Асосан, шу компаниялар маҳсулотлари рекламаси билан шуғулланишади.

Сизлардачи?

Bazis Medic мактабида асосий эътибор мутахассис тайёрлашга йўналтирилган. Биз ўқувчиларимизнинг курсни тамомлабоқ иш бошлашини, соҳада ўз ўрнини топишини истаймиз. Ўқувчиларимиздан бирортаси яхши ўзлаштира олмаётганини кўрсак, унга алоҳида эътибор ва вақт ажратамиз. Бизда шунчаки ўқиш мумкин эмас.

Таълим пулини тўлаб қўйганингиз, ўқиш жараёнига совуққонлик билан қарай оласиз, деганимас.

Шунақа ўқувчилар ҳам учраб турадими?

Совуққон деб бўлмайдию, косметология менинг бир умрлик касбим бўлиши мумкинми, йўқми деган иккиланиш билан келадиганлари учраб туради. Лекин уларнинг аксарияти тез орада ўқув жараёнига киришиб кетадилар. Косметологияни севиб қоладилар. Ҳавас бора-бора уларда илм олиш эҳтиёжига айланиб қолади.

Ўқиш қийинми сизларда?

Келажакда зўр косметолог бўламан десангиз, бизда ўқиш жуда осон. Бунинг учун маълум бир талабларни ҳам бажариш керак бўлади. Масалан, бизда кеч қолиш мумкин эмас. Дарс жадвали ҳам тиғиз. Ўқувчиларга қисқа вақт ичида жуда катта ҳажмдаги маълумот берилади. Бунинг учун эса қунт керак.

Қолаверса, уйга берилган вазифалар ўқитувчилар томонидан диққат билан текширилади. Ўқувчи уни тўла ўзлаштириб олганига ишонч ҳосил қилганимиздан кейингина навбатдаги сабоққа ўтамиз.


Якуний имтиҳондан ўтолмаганнинг тақдири нима бўлади?

Уларга қўшимча икки ҳафта вақт берилади. Шу муддат давомида

  • бизнинг кўмагимиз билан тайёрланади,
  • ўтилган дарсларни такрорлайди,
  • билимини мустаҳкамлайди,
  • имтиҳонни қайтадан топширади.

Биз ўқувчиларимизнинг юқори малакали косметолог бўлишини истаймиз ва шу мақсад сари етаклаб борамиз. Шогирдларимизнинг ўзига ишончи тўла шаклланмагунча, у билан ишлайверамиз.

Ўзингизга бу ишончни ким берган?

Устозим, айни пайтдаги раҳбарим Нилуфар Муродовна. Мени косметологияга шу инсон олиб кирганлар. Қўлларида ўқиганман.

Нилуфар Муродовна билан аввалдан танишмидинглар?

Косметолог бўлиб ишлаб юрган пайтларида муолажаларга бориб юрардим. Ҳеч қаерда ишламасдим, болалар кичкина, уйда ўтирардим.

Нилуфар Муродовнага ишламоқчи эканимни айтиб, маслаҳат сўрагандим, косметология курсларида ўқишни тавсия қилдилар. Ўзлари менга таълим берганлар. Шундан бери ёнларидаман.

Мактабни битиргач, ўқимаганмидингиз?

Нега энди? Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаганман.

Ҳамкасб эканмиз-ку. Соҳангизда ишламадингизми?

Университетнинг сўнгги курсида ўқиб юрганимда турмушга чиқдим. Кейин фарзандлар туғилишди. Ишлашга имкон бўлмади.

Кейин-чи?

Эсимни таниганимдан бери ўқитувчи бўлишни истардим. Қайси фан ёки соҳалигининг аҳамияти ҳам йўқ эди менга, лекин албатта ўқитувчи бўлишни истардим.

Нилуфар Муродовна менинг болалигимдан ёдгор энг покиза орзуимнинг рўёбга чиқишида кўмаклашдилар. Bazis Medic мактабида ўқитувчи сифатида олиб қолдилар. Ҳам ишладим, ҳам ўқидим.

Навбатдаги курсларда таълим олдингизми?

Йўқ. Косметологияга кириб келгач, унинг шунчаки касб эмас, балки фан, санъат экани чуқурроқ англадим. Юз соҳасига қизиқа бошладим. Билганим сайин, соҳам ўзимга янаям ёқа бошлади.

Лекин шундай муолажалар борки, уларни бажариш учун тиббий маълумотга эга бўлишингиз керак. Шунинг учун билимимни янада ошириш мақсадида тиббиёт техникумига ўқишга кирдим.

Битирдингизми?

Албатта. Раҳбаримиз менга ҳам ишлаб, ҳам таълим олишга имконият яратиб бердилар. Ўқишимга ҳалал бермаслиги учун дарсларим жадвалини ҳам ўзимга мослаб тузганларини яхши эслайман. Бунинг учун улардан миннатдорман.

Нилуфар Муродовна қанақа раҳбар?

Жуда талабчан, қаттиққўл.

Жондан ўтказиб юборадиган пайтлариям бўладими?

Бўлиб туради. Лекин ҳеч ким хафа бўлмайди. Танбеҳ берсалар ҳам иш юзасидан ва одоб доирасидан чиқмасдан тергайдилар. Ходим сифатидаги вазифаларингизни тўғри қилсангиз, ҳаммаси жойида бўлаверади.

Сиз кимсиз уларга?

Ҳам шогирд, ҳам ходим.

Ўзингизнинг шогирларингиз-чи? Улардан кўнглингиз тўлганми?

Ўзини тиклаб олган, соҳамизда, мижозлар орасида машҳур бўлиб кетганлари жуда кўп. Уларнинг бугунидан ҳам, эртасидан ҳам кўнглим тўқ. Доим хабарлашиб турамиз. Битириб кетган бўлсаларда, тақдирларига бефарқ бўлолмаймиз.

Ҳар хил вазиятга тушиб қолиши мумкин инсон. Масалан, сиз ишлаётган салон ёпилиб кетади ва вақтинча бўлсада ишсиз қоласиз.

Уларга қандай кўмагингиз тегиши мумкин?

Шунақа ҳолатлар бўлганки, ишсиз қолган шогирдларимизни ўзимиздаги косметология кабинетларига чақириб олганмиз. Иш берганмиз. Қийналмасин, шунча пул тўлаб ўқиди, энди ишлаши керак, истеъдоди бор эди, йўлини топиб кетсин, деркансизда. Жонингиз ачийдида.

Худога шукр, мураккаб вазиятга тушиб қолган шогирдларимиз кам. Бўлсада, уларни, албатта, қувватлаймиз.

Сиз қайси курслардан сабоқ берасиз?

Бошланғич косметология ва инъекцион косметологиядан.

Ўзингиз ҳам косметолог бўлиб ишлайсизми?

Ҳа. Шу ернинг ўзида косметология кабинетларимиз бор. (Суҳбат Bazis Medic ўқув маркази биносида бўлиб ўтган. Муаллиф). Дарсдан ташқари мижозларга ҳам хизмат кўрсатамиз.

Ўзингиз бажаришни ёқтирадиган муолажалар қайси?

Касбим талабидан келиб чиқиб, ҳамма муолажаларни меҳр билан бажараман, лекин инъекцион косметология руҳан кўпроқ яқин менга.

Сиз ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз, ўқитувчими ё косметологми?

Мен аввало ўқитувчи, кейин косметологман. Ўқитувчи сифатида қаттиққўлман. Шогирдларимнинг етук мутахассис бўлиб етишишини истайман, шунинг учун талабчанман.

Косметолог сифатида хизмат кўрсатаётганимда эса тамомила бошқа одамга айланаман. Мижозлар билан мулоқот бошқа тамойиллар асосига қурилади. Буни шогирдларимга ҳам ўргатиб бораман.

Косметолог бўлиш учун ёшнинг аҳамияти борми?

Йўқ. Бизда таълим олгани келганлар орасида эндигина ўн олти-ўн еттига кирганларни ҳам, олтмиш ёшдан ўтганларни ҳам учратиш мумкин. Косметология айнан шу томони, яъни касбга кириб келишнинг ёш чегараси йўқлиги билан ҳам жозибали. У, шунақа, ёш танламайдиган санъат.

Айтайлик, косметологик муолажа олмоқчисиз? Қайси косметологга мурожаат қилган бўлардингиз?

Ўзимнинг шогирдларимга борган бўлардим. Уларни ўзимда борини бериб тарбиялаганман. Маҳоратларига ишонаман. Муолажа самарасидан кўнглим ҳам хотиржам бўлади.

Танлаган ҳаёт йўлингиздан кўнглингиз тўляптими?

Албатта. Болалик орзуларим амалга ошди. Ўқитувчи бўлмоқчи эдим-бўлдим. Ҳамма аёллар каби хушрўйлик шайдоси эдим- ҳар бир куним шу гўзаллик ичида ўтяпти. Касбимни жуда яхши кўраман.

Тўкислик учун нима кам?

Хорижий мамлакатларда косметология бўйича жуда кўп анжуманлар, маҳорат дарслари, тренинглар, конференциялар ўтказилади. Шу тадбирларда қатнашгим келади. Карантиндан аввал шу йўлда ҳаракатни бошлагандик. Ковид билан боғлиқ чекловлар сабаб режамизни ортга суришга тўғри келди.

Аста-секинлик билан жараён яна изига қайтяпти. Насиб қилса, ана шу анжуманларда иштирок этамиз. Шу сабаб инглиз тилини ҳам жиддий ўрганмоқчиман.

Яна бир орзуим — Bazis Medic мактабини Халқаро билим юрти даражасига етганини кўриш. Бу жуда улуғ иш бўларди.

Шахсий ҳаётда-чи?

Турмуш ўртоғим шифокор. Ўз касбини бунчалар севадиган инсонни учратмаганман. Мени ҳам доим қўллаб-қувватлаб келадилар. Касбимга оид ва тиббиётга дахлдор масала юзасидан савол туғилса, маслаҳат олиб тураман.

Икки фарзандимиз бор: ўғил ва қиз. Аёл киши учун бундан ортиқ нима керак?!


Шуҳрат Зокиров суҳбатлашди.
Суратлар Наргиза Нарзиеванинг шахсий архивидан олинди.

Подождите...
uz_UZO‘zbekcha