Гўзаллик кўнгилдан бошланади, косметолог эса уни рўёбга чиқаради
Bazis Medic косметология ва эстетик тиббиёт олий мактаби ўқитувчиси, косметолог Наргиза Алиева билан суҳбат
Косметолог бўлиш ва шу касбдан дарс бериш болалик орзуингиз бўлганми?
Ҳаёт тақозоси, десак, тўғрироқ бўлади. Болалигимдан тиббиёт ходими бўлишни орзу қилганман.
Аввалига 1-Республика тиббиёт коллежини битирдим. Кейин Тошкент тиббиёт институтининг олий маълумотли ҳамширалар факультетида ўқидим.
Мақсад олий маълумотли тиббиёт ходими бўлиш экан, бирайўла шифокорликка ўқимабсизда?
Шифокор бўлиш учун у пайтлари 7 йил ўқиш керак эди. (Ҳозирда 6 йил. Муаллиф). Кейин магистратура… Яна уч йил… Ҳаммаси бўлиб, 10 йил. Бу жуда узоқ муддат.
Олий маълумотли ҳамширалар факультетида эса уч йил ўқишади. Тўғриси, вақтимни қизғандим. Қиз бола учун 10 йилни фақат таҳсилга сарфлашда мантиқ кўрмадим.
Лекин тиббиёт соҳасига азбаройи қизиққанимдан, касбимга оид нимаики бўлса, ҳаммасини мукаммал билишим керак, деган ақида билан ўқиш давримда “Тез ёрдам”да ҳам ишладим.
“Тез тиббий ёрдам”да ишлаш қийин-ку? Касалхонадаги шифокордан фарқли ўлароқ, 103 хизмати ходимлари туну кун бировнинг ҳудудида ишлайдилар…
Албатта, осонмас, лекин “Тез ёрдам” малакани зўр оширади. Кундалик вазиятлар сизни минг бир ҳолатга солиб, пиширади. Бебаҳо мактаб аслида бу тизим. Тиббий амалиётга оид кўп кўникмаларни ана шу фаолиятимда орттирганман.
Тиббиёт институтини тамомлагач, Bazis Medic таълим муассасасига келдингизми?
Аввалига ўзим ўқиган 1-Республика тиббиёт коллежида дарс бердим. Турмушга чиқдим. Кетма-кет фарзандлар туғилишди. Ишим ёқарди, лекин ўзимни турмуш ўртоғи, болаларига етарлича вақт ажратолмаётган аёлдек ҳис қилардим.
Ваҳоланки, оила аъзоларим томонидан бу борада бирон марта эътироз эшитмаганман. Бу фақатгина ўзимга боғлиқ руҳий ҳолат, оналик масъулияти, аёллик мажбурияти эди.
Шу сабаб, тиббиётга ёндош, лекин нисбатан эркинлик берадиган бирон касб этагини тутсам яхши бўларди, деб ўйлай бошладим.
Кўп мулоҳазалардан кейин ҳам кўнглимга, ҳам тиббиётга энг яқини косметология эканини англаб етдим ва таълим олиш учун Bazis Medic мактабига келдим. Шу олий мактаб асосчиси ва раҳбари Нилуфар Муродовна билан танишдим. Улардан таълим олдим.
…ва сизни ҳам олий тиббий маълумоти бор мутахассис ва энг яхши ўқувчилардан бири сифатида олиб қолишди.
Нилуфар Муродовнадан ишга олиб қолишларини ўзим илтимос қилганман.
Ўқиш пайтида Bazis Medic мактаби жамоаси, устозларим менга яқинларимдек бўлиб қолишди. Вақт ўтгани сайин, айнан шу ерда ишлашни истаётганимни тушуниб етдим ва ниятимни устозимга айтдим.
Синов муддати билан ишга олишди. Қолаверса, Нилуфар опанинг ўзлари бизга дарс берганлар. Мен ҳақимда маълум бир тасаввур шаклланган бўлса керак. Ишонч билдирдилар. Шундан бери ўқув марказиданман.
Илтимосимни ерда қолдирмаганлари учун ҳам устозим, ҳам раҳбарим Нилуфар Муродовнадан миннатдорман.
Шундан буён рус тилидаги гуруҳларда бошланғич косметологиядан дарс бериб келяпман.
Бошланғич косметология нима у? Касб алифбосими?
Ҳа, бошланғич косметология курси янги касбингиз ҳақида тасаввур берувчи, сизнинг келажагингизни белгилаб берувчи пойдевор. Ундан кейин орттирадиган билим ва малакаларингиз ана шу асос устига қурилади.
Шу пойдеворни мустаҳкам қурсангиз, келажагингиз ҳам шунчалар қудратли ва бардавом бўлади.
Сизнинг курсингизни битирган ўқувчи косметолог сифатида мустақил иш бошлай оладими?
Албатта. Курсимиз бир ой давом этади. Шанба ва якшанбадан ташқари ҳар куни, тўрт соатдан ўқиймиз. Икки соат назария, икки соат амалиёт.
Муваффақиятли якунлаганларга эстет косметолог мутахассислиги бўйича халқаро тоифадаги диплом ва сертификат берилади. Шундан сўнг улар ўзлари истаган марказ ёки салонда ишлашлари, ўз шахсий бизнесларини очишлари мумкин.
Лекин муолажаларни билсада, иш бошлашга журъати етмасачи?
Курсимизда ўқувчиларнинг айримларига хос шундай руҳий ноқисликлар ҳам инобатга олинган. Биз уларга
- анатомия,
- терини тозалаш,
- юз, бўйин терисини парвариш қилиш,
- ускуналар билан ишлаш,
- ниқоблар, малҳамлар тайёрлаш,
- териларнинг ҳолати ва турига қараб муолажа белгилаш,
- гидро, крио, фототерапия, пилингдан ташқари косметолог хонасига нисбатан қўлланиладиган асептик ва антисептик талабларгача, мижозлар билан муомала қилиш санъатигача ўргатамиз.
Косметология маркетингига оид дастлабки тасаввурларни берамиз.
Истагимиз, ўқувчиларимиз дипломни олибоқ, фаолиятини дадил ва шу заҳотиёқ бошлай олишсин. Бу жуда мухим биз учун.
Чунки уни хали мутахассис сифатида ҳеч ким танимайди, у эса бошқа бировни билмайди. Оғир жараён бу. Биз ана шу машаққатлардан енгиллик билан ўтиб олишида кўмаклашамиз.
Ўқув курси дастурини ўзингиз ишлаб чиққанмисиз?
Йўқ, бошланғич косметология курси муаллифи устозим Нилуфар Муродовна бўладилар. Bazis Medic мактабида ўнлаб курслар бор, улар ҳам Нилуфар опанинг кўп йиллик меҳнати ва тажрибаси маҳсули.
Нилуфар Муродовна қаттиққўл раҳбарми?
Адолатли ва ҳалол раҳбар, десам тўғрироқ бўлади. Ўрни келганида мақтайдилар, хатога йўл қўйсак, танбеҳ берадилар, лекин ходимларини жон бериб ҳимоя қиладилар ҳам.
Менга ҳаётий масалаларда кўп ўгит берганлар. Қизиғи, устозим сифатида мени нимадан эҳтиёт бўлишга чақирган бўлсалар, ўша нарса вақти келиб содир бўлган ва улар ҳақ бўлиб чиққанлар.
Улардан кўп нарса олганман, ҳозир ҳам ўрганяпман. Нафақат касбий маҳоратда, балки инсоний томонлардан ҳам.
Ўқувчиларингизнинг умумий сийратига таъриф бероласизми?
Ўқувчиларимиз орасида ўзига тўқлар ҳам, косметолог бўламан, деб топган пулидан ойма-ой, оз-оздан жамғариб келганлар ҳам бор.
Туриш-турмушига келсак,
- вақтинча ишсизларни ҳам,
- шу касбни эгаллаб, турмуш ўртоғимга мадад бўламан, деган ниятда келган аёлларни ҳам,
- неча йиллардан бери бошқа соҳада ишлаган, лекин касбини тубдан ўзгартиришга аҳд қилган олий маълумотли мутахассисларни ҳам топиш мумкин.
Масалан, бошқа касбда бир неча ўн йил ишлаган профессионал ходим бўлсада,
- шу курсда таҳсил олиб, гўзаллик индустриясига ўтиб кетаман, деганларни ҳам,
- косметологияни ҳам ўрганиб олай, келажакда қўл келиб қолиши мумкин, деган профессионалларни ҳам кўп кўраман.
Тирноқ парвариши билан шуғулланадиганлар, сартарошлар орасида ҳам ўз иш жойларидаги косметологларга ҳавас қилиб, шу соҳада билим олиш истагида келганлар ҳам талайгина.
Ўқувчиларингизнинг энг ёши кичиги ва улуғи?
Кичиги ўн саккизда, ёши улуғи эллик бешда.
Университетда ўқиш ўрнига косметолог касбини танлашга ёшларни нима ундайди?
Моддий томондан тезроқ тикланиш, жамиятда ўз ўрнини тезроқ топиш истаги бўлса керак. Чунки косметология мураккаб касб эмас. Қолаверса, у камгина сармоя билан ҳам бошлаш мумкин бизнес саналади.
Олий таълимга келадиган бўлсак, сўнгги йиллардаги янгиликлардан бохабарсиз. Институт ёки университетда сиртдан ҳам ўқиса бўлади.
Бир ойлик курсни битирган йигит-қиз касбини севса ва мижозларига меҳр беролса, қисқа муддатда яхшигина даромад қилишни бошлаши мумкин.
Бунинг учун бошланғич косметология курсида таҳсил олиш кифоями?
Албатта, эстет косметолог дипломини олган ўқувчиларимиз юз, бўйин терисини парвариш қилиш билан боғлиқ барча хизматларни кўрсатишлари мумкин. Булар эса гўзаллик индустриясидаги энг талабгир ва ўлмайдиган муолажалар саналади.
Лаб, юзга укол қилиш билан боғлиқ муолажаларни-чи?
Инъекция билан боғлиқ муолажаларни ўтказиш учун навбатдаги курсларда ўқишлари керак. Тиббий малакаларини оширишлари шарт. Бу ҳам қонун, ҳам мижоз хавфсизлиги талаби.
Bazis Medic косметология ва эстетик тиббиёт олий мактаби таълим дастури оддийликдан мураккаблик сари қадамба қадам бориш тамойилига қурилган. Бир поғонада маҳкам туриб олган косметолог янада ўсиш учун навбатдаги курсларга келиб малакасини ошириши мумкин.
Ёшларнику тушунгандек бўлдим, лекин эллик беш ёшлилар-чи? Янги касбни эгаллаш учун кеч эмасми?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, ўрта ёш олтмишгача давом этади. Шу нуқтаи назардан ҳам, ёши улуғларни ҳисобдан чиқаришга ошиқмаган маъқул. Қолаверса, уларнинг дарсга муносабати, қаноати ва иштиёқлари анча-мунча ёшларга ўрнак бўлади.
Шахсий ҳаёт, касбу корда туб ўзгаришлар қилиш учун ёш аҳамиятсиз. Ҳеч қачон кеч эмас..
Гапларингиздан ишингиз ўзингизга ёқиши сезилиб турибди, лекин баъзида бўлсада, тиббиётни ташлаб, косметология ва ўқитувчиликка ўтиб кетганингиздан афсусланганмисиз? Нима қилсада, тиббиёт биринчи муҳаббатингиз эдику..
Ҳеч қачон афсусланмаганман. Чунки косметология ва тиббиётнинг уйғун жиҳатлари кўп. Косметологлар тиббиётга яқин юрамиз. Шундай муолажалар борки, уларни тиббий малакасиз бажаролмайсиз.
Яна бир жараённи кузатяпман. Кўплаб тиббиёт ходимлари, шифокорлар онгли равишда косметологияга ўтиб кетишяпти. Улар орасида эркаклар ҳам бор, лекин асосан, аёл шифокорлар. Чунки бу ҳамма томонлама қулай соҳа улар учун.
Масалан?
Оилангизга кўпроқ вақт ажрата оласиз. Анча эркинсиз. Даромадингиз ҳам чакки эмас. Тунги навбатчиликлари ҳам йўқ.
Масалан, мен бу ерда дарс беряпман. Бундан ташқари ҳафтада икки кун косметология марказида ҳам ишлайман. Кеч кирмасдан уйда бўламан. Фарзандларим, турмуш ўртоғим, уй-рўзғор ишларигаям бемалол вақтим етяпти.
Қўлингизда таҳсил олган ўқувчиларингизнинг неча фоизи кейинчалик косметолог сифатида иш бошлаган?
Фоиз сифатида билмадиму, лекин ҳар беш ўқувчидан тўрт нафари, албатта, касби бўйича ишлаяпти. Ишлаяптигина эмас, яхшигина ҳурмат ва даромад ҳам орттиряпти.
Ҳар бешинчисининг косметологиядан узоқлашиб кетишига эса кўпроқ оилавий, шахсий муаммолар сабаб бўлган. Лекин улар ҳам истаган пайтида, уйида ўтириб ҳам мижозларига хизмат қилишни бошлашлари мумкин.
Битириб кетган шогирдларингиз билан мулоқот қилиб турасизми?
Тез-тез қўнғироқ қилиб туришади. Касбга оид масалаларда маслаҳат сўрашади. Шогирдларимдан кўнглим тўқ, йўлларини топиб кетишди.
Сизга кўпроқ нима ёқади, дарс беришми ё косметолог бўлиб ишлашми?
Дарс бериш.
Танлашга тўғри келса, иккисидан қайси бирини танлаган бўлардингиз?
Ўқитувчиликни.
Энг ёқтирадиган косметологик муолажангиз?
Юзни тозалаш. Чунки у барча муолажалар онаси. Юз терисини тозаламасдан бошқа муолажа қилолмайсиз. Энг қиммат воситаларни сотиб олиб, тери остига киритинг, лекин юз тозаланмаган экан, уринишларингиз самара бермайди.
Мижозларингиз орасида эркаклар ҳам борми?
Бор. Ўтиш ёшидаги ўсмирлар ҳам кўп келишади.
Косметологик муолажалардан фойдаланишни истайдиган эркаклар сони кўпми?
Йил сайин ортиб боряпти.
Эркак мижозлар орасида қайси касб эгалари кўпроқ?
Деярли ҳамма касбда ишайдиганлардан бор, лекин аксарият эркаклар, бевосита касби шуни талаб қилмаса, жиддийроқ муаммо туғилгандагина келишади.
Улар билан ишлаш қийинми?
Эркаклар аёл мижозларга қараганда масъулиятлироқ бўлишади. Айтганингизни қилишади. Масалан, косметология марказидаги муолажа билан чекланиб қолмай, уйга борганингизда у ёки бу ниқобни қилинг, мана бу кремдан суртинг, деб тайинлашимиз мумкин. Кейинги сафар келганида мижознинг юз терисига қарабоқ, у сизнинг айтганингизни қилдими ёки йўқми, дарров илғаб олиш мумкин.
Аёллар эътиборсизроқ бўлар, лекин эркак мижозлар ана шу кўрсатмаларингизни ўта масъулият билан бажарган бўладилар.
Ўзингиз ҳам йиллар ўтиб ботокс, филлер каби муолажалардан фойдаланган бўлармидингиз?
Пластик жарроҳликдан фойдаланмасам керагу, лекин эҳтиёж туғилса, ботокс, филлер каби муолажаларни олган бўлардим.
Мижозлар билан ўзаро муносабатингиз фақат муолажалар билан чекланадими?
Аксарияти билан қадрдон дугоналардек бўлиб кетганмиз. Шогирдларим билан ҳам.
Яна бир жиҳатга эътибор бердим. Косметолог қандай бўлса, унинг атрофида ҳам ўзига ўхшаган дунёқарашли мижозлар йиғила бошларкан. Масалан, мен косметологияда минимализм ва табиийлик тарафдориман. Мижозларим ҳам шундай.
Икки фарзандим, қиз ва ўғлим бор дегандингиз. Қизингизда касбингиз таъсирини сезяпсизми?
Сезяпман. Қизим энди 6 ёшга кирди, лекин ҳозирдан ягона орзуси фақат ва фақат косметолог бўлиш. Бувисини ўзича пардоз қилади, юзларига ўзича нималардир суртган бўлади.
“Қизим, балки, шифокор бўларсиз” десам, “Фақат ва фақат косметолог бўламан” дейди.
Шуҳрат Зокиров суҳбатлашди.
Суратлар Наргиза Алиеванинг шахсий архивидан олинди.