Медсестры косметологии проходят обучение

17.06.2021

Аёл меҳнат билан банд бўлса, аввало, оиласининг ижтимоий-иқтисодий таъминотига муносиб ҳисса қўшади, жамиятга ҳам фойдаси тегади.

Шу боис хотин-қизларни касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш, фаол меҳнат қилишига шароит яратиб бериш муҳим вазифа. Аёлларнинг ижтимоий-психологик жиҳатдан барқарорлиги, албатта, уларнинг бандлиги орқали таъминланади.

“Гўзаллик ҳокимияти ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий барқарорликка эришиши учун касбга йўналтириш билан шуғулланади.

Ташкилот хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, косметологларнинг тиббий косметология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги билимларини ошириш, профилактика, ташхис ва ахборот билан таъминлаш билан шуғулланади. Шунингдек, косметологияда фаолият юритмоқчи бўлган ва ишлаб турган мутахассисларга соҳадаги янгиликларни ўқув курслари орқали ўргатиб боради.

Бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиб бормоқда. Хусусан, косметология ҳам. Соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар илм-фаннинг ривожланиши, эҳтиёжларнинг ортиши билан боғлиқ. Кундалик ҳаётимизда турли парвариш воситаларидан фойдаланамиз. Буни оддий ҳолдек қабул қиламиз. Аммо унинг қай тартибда тайёрланиши ва бунинг учун ҳам мутахассислар анчагина изланишлар олиб бориши ҳақида ўйлаб ўтирмаймиз.

Айни пайтда биргина кундалик парвариш воситаси бўлган кремларнинг ўрнига замонавий мезотерапия, даволаш учун ботулинотерапия, мезоип ва филлер каби воситалар ишлатилмоқда. Аҳолининг косметик воситаларга бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб боряпти. Бу соҳада малакали мутахассисларга бўлган талабни ҳам оширяпти. Айни соҳада кадрларнинг етишмовчилиги ёхуд тўлиқ малакали мутахассислар ишламаётгани, сифатли хизмат кўрсатишда муаммолар аниқ ва манзилли ишлар мавжуд эмаслигининг натижасидир.

“Гўзаллик ҳокимияти ассоциацияси” малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида тиббий малака ошириш курсларини ташкил қилиб, косметология бўйича кичик ҳамшираларни тайёрламоқда.

Ҳар бир касбнинг ўз қонун-қоидаси, талаблари, масъулияти бўлади. Айниқса, у инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлса, бу янада эътибор талаб этади. Шу боис ўқув ва малака ошириш курсларида қатнашган ҳар бир мутахассис касб кийими, мутахассислик дипломи, иш фаолиятини бошлаш ёки давом эттириш учун гувоҳнома, кўкрак нишонига эга бўлади. У ишига масъулият билан ёндашиш учун қасамёд қабул ҳам қилади.

Косметолог бўлиш учун олий маълумотли бўлиш керакми? Нега шифокорлар сўнгги вақтларда косметология соҳасида ишлашни маъқул кўрмоқда?

– Косметолог бўлиш учун терининг тузилиши, дерматология, санитария асосларини билиш кифоя, – дейди мазкур нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Нилуфар Муродова. – Энг муҳими, косметологияда даволаш ишларини тўғри англаб, билиб бажаришдир. Тиббиёт институтида 7 йил вақт ва куч сарфлаб кўп билимлар олинади. Бунда инсон ички аъзоларини билиш, шунга мос, индивидуал тарзда муолажа қила олиш кўникмаси эгалланади. Парваришлашда нозиклик, эҳтиёткорлик билан тери парвариш этилади. Аслида бу ҳам маҳорат ва эътиборни талаб этади. Аммо бунинг учун олий маълумотли бўлиш шарт эмас. Хотин-қизларнинг бу фаолият тури билан шуғулланиши шу томонлама анча осон.

Олий маълумотли шифокорлар бугун парваришлаш соҳасида ишлашни маъқул кўряпти. Бу уларга икки томонлама – инсон ички ва ташқи тузилишини яхши билгани учун ҳам жуда қулай. Яхши мутахассис бўлса, иқтисодий томондан ҳам эркин бўлади. Чунки, хотин-қизларни фаол меҳнат муҳитига жалб этиш, уларнинг бу борадаги муаммоларини ўрганиш, таҳлил этиш, турли соҳаларда уларнинг ишлаб кўришини таъминлаш керак. Биз бунда юртимиз аёлларига кўмакчи бўламиз. Кейинчалик ҳам мутахассисларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз.

Аёлларни муносиб иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва малакасини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар оилада аёлнинг ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Барно Мелиқулова, ЎзА

Суратлар «Гўзаллик ҳокимияти» ассоциацияси архивидан олинди. 

Подождите...
ru_RUРусский