Косметология касб эмас, санъат экан

14.05.2021

Шифокор, косметолог, “Bazis Medic” косметология ва эстетик тиббиёт олий мактаби битирувчиси Анвар Жуманиёзов билан суҳбат.

Косметологлар олий мактабига келишдан аввал нима иш билан шуғуллангансиз?

Мен профессионал шифокорман. Тошкент Давлат тиббиёт академиясининг Урганч филиалида етти йил ўқиб, бакалавр мақомида тамомлаганман. Соҳам бўйича ишлаганман.

Олий маълумотли шифокор экансиз, косметология нимага керак сизга?

Косметологияга қизиқишим ўсмирлигимдан бошланган. Юзим териси ҳамиша муаммоли бўлган. Ҳуснбузар  тошарди. Даволаш учун косметологларга кўп борардим.

Муолажа олиш жараёнида улар билан кўп суҳбатлашганман, ишларини кўрганман, сўраганма, суриштирганман. Шу касбга меҳр қўйиб қолганман.

Ҳақиқий иштиёқ икки йилча аввал бошланди. Шу соҳада таълим олиш мақсади пайдо бўлди. Лекин карантин сабаб бу орзуни бироз ортга суришга тўғри келди.

Таълим олиш учун “Bazis Medic” косметология ва эстетик тиббиёт олий мактабини танлашингизга нима туртки берди? Бошқа курслар ҳам кўпку?

“Bazis Medic” ҳақида биринчи марта инстаграмда ўқиб қолганман. Кейин унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатишни бошладим. Интернет  орқали дарс жараёнларидан олинган видеолавҳалар, фотосуратлар билан танишдим. Ўқув марказининг менга нима бера олиши билан қизиқдим. Бошқа ўқув курсларига таққосладим.

Ҳамма жиҳатларини тарозига солиб, айнан “Bazis Medic” мактабида ўзим истаган даражада сифатли таълим олишимга кўзим етди. Мактаб вакиллари билан қўнғироқлашиб, ҳамма саволларимга қониқарли жавоб олгач, Тошкентга келдим.

Сиз ижтимоий тармоқлар, асосан, инстаграм орқали кузатган “Bazis Medic” билан унинг ҳаётдаги фаолияти ўртасида фарқ бор эканми?

Ижтимоий тармоқлар, барибир, етарлича тасаввур беролмас экан. Реал ҳаётдаги  “Bazis Medic” мактабидан олган таассуротларим кутганимдан ҳам аъло бўлиб чиқди. Тўғри танлов қилганимни тушуниб етдим.

Раҳбарият, ўқитувчилар, жамоавий аҳиллик, профессионализм, таълим бериш жараёни… ҳамма ҳаммасидан ҳалигача ҳайратдаман.

Сиз бошланғич косметология курсларида ўқидингизми?

Мен ҳаммаси бўлиб тўртта курсда ўқидим. Аввалига базавий косметология курсларини тугатдим. Кейин мезотерапия бўйича таҳсил олдим. Учинчи босқичда филлерлар курсини тамомладим.

Мен ўқиган сўнгги курс  ботокс муолажалари юзасидан бўлди. Яна битта курс қолди, ундаям таълим олиш ниятим бор.

Ўқишни тугатгач, Тошкентда қоласизми?

Йўқ, Хоразмга кетаман ва ишлайман.

Шифокор сифатидами? Ё косметолог бўлибми?

Шифокор-косметолог  сифатида ишлайман. Олдимга қўйган яна бир мақсадим бор. Хоразмда дерматология бўйича клиник ординатура бор. Сентябрь ойидан у ерда ҳам ўқимоқчиман. Тамомлаб олсам, шифокор, дерматокосметолог бўламан.

Сиз ҳамиша олдингизга мақсадни шунақа аниқ қўясизми? Аввалига тиббиёт академияси, сўнгра косметология олий мактаби, энди ординатура…

Табиатим шунақа. Тиббиётни ҳам меҳр ва қунт билан ўрганганман. Косметология ҳақида ҳам ҳаммасини билишни истайман. Олаётган билим ва орттираётган тажрибам менинг энг олий мақсадимни рўёбга чиқаришда ёрдам беради.

У мақсад нимадан иборат?

Хоразмда Тошкент даражасида хизмат кўрсатадиган косметология маркази очиш мақсадим бор.

Мен туғилиб ўсган томонларда гўзаллик индустрияси пойтахтдагидек ривожланманган. Мен эса хоразмликларга вилоятимизнинг ўзида юқори сифатли муолажалар олишларига шароит ва имкон яратишни истайман.

Масалан, “Bazis Medic” мактабига ҳавас қилдим. Уларда ҳамма нарса бор, ҳаммаси ўзлариники. Бир эшикдан кириб келиб, ҳам ўқишингиз, ҳам косметология муолажалари олишингиз, ҳам малака оширишингиз, ҳам пластик жарроҳлар билан маслаҳатлашишингиз мумкин. Ҳаммаси бир жойда, бир бинода макон топган.

Мен ҳам шунақанги марказ Хоразмда ҳам бўлишини истайман. Шунақа ниятим бор.

Хоразмнинг қаеридансиз?

Қўшкўпир туманидан.

Косметология марказини шу туманда очасизми?

“Bazis Medic” мактабида таълим олаётганимни эшитган инсонларнинг аксарияти марказни Қўшкўпирда очишимни исташяпти. Чунки биз томонларда малакали косметологлар деярли йўқ.

Айниқса, эркак косметологлар йўқ, шундайми?

Эркак косметолог, нафақат, Қўшкўпир тумани, балки Хоразм вилоятида ҳам бўлмаса керак. Ҳарқалай, мен эшитмаганман.

Сизнинг тенгдошларингиз, одатда, Тошкентга интилишади. Ўқишга келгач, пойтахтда қолиб кетишга ҳаракат қилишади. Бир неча ўн йиллаб ижарама-ижара сарсон бўлишсада, пойтахтда яшагилари келади. Сиз эса Хоразмга қайтиб кетмоқчисиз…

Ҳамма Тошкентга кетаверса, вилоятларда косметологияни ким ривожлантиради? Ким очади косметология марказларини?! Кимдир қилиш керакку бу ишни.

Вилоятларда яшаётганлар ҳам, ўз уйларидан узоқлашмаган ҳолда, пойтахдагидек сифат ва юқори даражадаги косметологик муолажалар олишга ҳақлилар.

Айниқса, бу фикрим “Гўзаллик ҳокимияти” Республика косметологлар ассоциацияси ва “Bazis Medic” косметология ва эстетик тиббиёт олий мактаби асосчиси, раҳбари Нилуфар Муродовна билан бўлган мулоқотларимиздан кейин янада қатъийлашди.

Бу суҳбатлар нимаси билан ёдингизда қолди?

Нилуфар Муродовна билан суҳбатлашгач,  ўзимга бўлган ишончим янада ортди, мавҳум режаларимга аниқлик кирди. Жуда кучли мотивация бердилар менга.

Нилуфар Муродовнанинг бор орзу-ҳаваслари, мақсадлари, куч-қуввати ўзбек косметологиясини ривожлантиришга, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга қаратилган. Бу инсоннинг фикрлари, салоҳияти кўламидан ҳайратга тушардим.  Танлаган йўлига, касбига бунчалар фидоийликни бошқа инсонда кўрмаганман.

Нилуфар Муродовна  менинг косметология ҳақидаги тасаввурларимни тубдан ўзгартириб юборишди.

Масалан?

Олий маълумотли шифокор бўлганим учунми, косметологияга енгилроқ қарардим. Тезда ва осонлик билан ўрганиб кетаман, деб ўйлардим. Адашган эканман. Суҳбатларимиз асносида ва таълим жараёнида косметология шунчаки касб, ҳунар эмаслиги, унинг бетакрор санъат, чуқур илм эканини тушуниб етдим.

Бир кун ўз устингизда ишлашдан тўхтасангиз, йилларга орқада қолиб кетишингиз мумкинлигини билдим.

Лекин шифокор сифатида инъекцион косметологияни ўрганиш бошқаларга нисбатан сизга осонроқ бўлгандир?

Мураккаблиги бор. Шифокор бўлганим билан юз соҳасида ишлаб кўрмаганманку… Лекин таълим жараёнида бу машаққатларни сабр-қаноат билан енгиб ўтдик.

Курсларда кимдан таълим олдингиз?

“Bazis Medic” косметология ва эстетик тиббиёт олий мактабини тўрт йўналиш бўйича битирдим ва барча курсларда менга Наргиза Нарзиевна устозлик қилишди.

Билимли, тажрибали мураббий, бебаҳо инсон. Дарсда жуда талабчан ва қаттиққўл, ҳаётда самимий ва бировдан ёрдамини аямайдиган покиза аёл. Улардан бир умр миннатдорман. Шундай инсон қўлида таълим олганимдан фахрланаман.

Оила аъзоларингиз косметологияни танлашингизга қандай муносабатда бўлишди?

Ота-онам, жигарларим, қариндошларим мени доимо тўғри тушунишган, ёрдамларини аяшмаган. Олдимга нима мақсад қўймай, ҳамиша қўллаб-қувватлашган. Ҳозир ҳам шундай.

Оилалимисиз?

Албатта.

Эркаклар орасида косметология муолажаларига қизиқиш йил сайин ортиб боряпти. Лекин сизга мурожаат қиладиган мижозларингизнинг аксарияти, барибир аёллар бўлади. Турмуш ўртоғингиз буни тўғри тушуна оладиларми?

Аёлим стилист-вижазист бўлиб ишлайди.  Касбини жуда яхши кўради. Ҳақиқий профессионал. Ҳаваскорликни ёқтирмайди.

Косметологияга бўлган қизиқишим жиддийлигини кўриб, шу соҳада мукаммал билим олишга ундади. Унинг фикрлари менга ҳам туртки бўлди.

Аёлим шунчаки косметолог эмас, ўз ишининг асл устаси бўлишимни истайди.

Мен бахтли инсонман. Ота-онам соғу саломат, уларнинг хизматларидамиз. Укаларим билан аҳил ва иноқмиз. Оқила турмуш ўртоғим бор. Бир ўғилни тарбиялаяпмиз.

“Bazic Medic” мактабини тамомлаб, косметолог сифатида иш бошладим. Мақсадларим сари қадамма қадам боряпман.  Инсонга бундан ортиқ яна нима керак.


Шуҳрат Зокиров суҳбатлашди.
Суратлар Анвар Жуманиёзовнинг шахсий архивидан олинди.

Подождите...
ru_RUРусский